Марғилонда танишидан 6 минг долларлик «Damas» автомашинасини олиб, пулини бермаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2018 йилнинг декабрь ойида танишидан 6 минг долларлик «Damas» автомашинасини олиб, пулини бермаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Марғилон шаҳрида 2018 йилнинг декабрь ойида Қ.Ў. таниши У.О.нинг ишончига кириб, сотмоқчи бўлган «Damas» автомашинасини 6 минг доллар эвазига сотиб олишга келишиб, автомашина пулларини 2019 йилнинг 1 март кунига қадар беришини айтган. Натижада автомашинани номига расмийлаштириб, берган ваъдасини бажармасдан автомашинани алдов йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида фуқародан 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.