Қўқонда мисдан ясалган тақинчоқни тилла деб, фуқарони 8 млн сўмга «ухлатган» 2 нафар аёл ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида мисдан ясалган тақинчоқни тилла деб, фуқарони 8 миллион сўмга «ухлатган» икки нафар аёл ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра 4 сентябрь куни A.Ё. исмли аёл Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан, 23 август куни 2 нафар аёл савдо мажмуасига кириш дарвозаси олдида ишончига кириб, мисдан тайёрланган аёллар занжирини тилладан тайёрланганлигини айтиб, алдов йўли билан 8 миллион сўм эвазига сотган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни С.Н. ва Т.Ш. исмли аёллар содир этгани аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллонлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар