Фарғона шаҳрида фуқародан 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида Туркияда ишлаб чиқарилган 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа 2019 йилнинг декабрь ойида содир бўлган. Маълум қилинишича, Ю.М. ва Б.Х. исмли аёллар бир гуруҳ бўлиб, С.Х. исмли аёлнинг ишончига кириб, Туркияда ишлаб чиқарилган кийим-кечакларни 13 минг доллар эвазига сотиб олишга келишган. Шунингдек, улар пулни маҳсулотларни сотиб бўлгандан сўнг беришини айтиб, берган ваъдасини бажармаган. Aниқланишича, Ю.М. ҳамда Б.Х алдов йўли билан қўлга киритган маҳсулотларни бошқа шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллонлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар