Ўзбекистонда боғчанинг 0,5 ставкада ишловчи тарбиячилари ҳафтада неча кун ишга бориши кераклиги айтилди

АОКАда 5 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева боғчада 0,5 ставка тарбиячи лавозимида ишловчи ходимлар ҳафтада неча кун ишга бориши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари тарафлар ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида тартибга содинади. Меҳнат кодексининг 73-моддасига асосан меҳнат шартномасида шартноманинг мазмуни тарафлар келишуви бўйича, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

  • иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);
  • ходимнинг меҳнат вазифаси — мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;
  • ишнинг бошланиш куни;
  • меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;
  • меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

«Меҳнат кодексининг 88-моддасига биноан меҳнат шартномасида меҳнат шартлари белгилаб қўйилади. Меҳнат шартлари деганда меҳнат жараёнидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омилларининг жами тушунилади. Ижтимоий омиллар жумласига меҳнат ҳақи миқдори, иш вақтининг, таътилнинг муддати ва бошқа шартлар киради», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби боғча тарбиячиларининг маоши ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Учқўрғондаги боғчага олиб келинган кўмирнинг ярмидан кўпи тош билан брикет эканлиги рад этилди.

Янгиликлар