Учқўрғондаги боғчага олиб келинган кўмирнинг ярмидан кўпи тош билан брикет эканлиги рад этилди

АОКАда 5 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева Учқўрғондаги боғчага олиб келинган кўмирнинг ярмидан кўпи тош билан брикет эканлиги ҳақидаги хабар бўйича маълумот берди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, Наманган вилояти Учқўрғон тумани 12-МТТ ходими мазкур боғчага ҳар йили сифатсиз кўмир олиб келиниши ҳақида маълум қилган. Келтирилган кўмирнинг ярмидан кўпи эса тош билан кўмир майдаси эканини айтган.

«Келиб тушган мурожаат юзасидан 2020 йил 31 октябрь куни Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳ аъзолари ‘Учқўрғон туманидаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилотига сифатсиз кўмир маҳсулотлари келтирилган’лигини ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди. 12-сонли мактабгача таълим ташкилотига бориб кўрилганда, ҳақиқатдан ҳам, жами 32 тонна кўмир маҳсулоти захира олинганлиги ва белгиланган тартиб бўйича сақланаётгани, шундан 26,4 тоннасини кўмир ва 5,6 тоннасини кўмир брикети ташкил этиши аниқланди. Ўрганиш давомида олинган барча кўмирларнинг сифатли ва майда эмаслиги аниқланди», — дейди вазирлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби боғча тарбиячиларининг маоши ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Тойлоқда боғча тарбиячилари «қўлбола брикет» тайёрлашга мажбур қилинмагани айтилган.

Янгиликлар