Қўқон унивеpситетига янги ректор тайинланди

Фарғона вилояти Қўқон университетида 3 ноябрь, сешанба куни профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирокида ташкилий масала юзасидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Шерзод Мустафоқулов Қўқон университетига янги ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қўқон шаҳр ҳокимлиги ахборот хизмати

Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Шерзод Мустафоқулов 1977 йилда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги — қурилиш иқтисоди ва уни бошқариш, ҳудудлар иқтисодиёти ва инвестицияларни бошқариш. У Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти бакалавриати, Тошкент давлат иқтисодиёт университети аспирантурасида таълим олган. Александр номидаги Технологиялар ва таълим институти (Греция)да илмий стажировка ўтаган.

Меҳнат фаолияти давомида Тошкент давлат университети «Агроиқтисодиёт» кафедраси ассистенти, университетнинг «Тармоқлар иқтисодиёти» кафедраси доценти, Инновацион таълим технологиялари маркази директори, «Саноат иқтисодиёти», «Инвестициялар» кафедралари мудири лавозимларида фаолият юритган. Сўнгги йилларда Банк-молия академияси Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети декани, Тошкент давлат иқтисодиёт университети илмий ишлар бўйича проректори, «Университет 3.0» халқаро ўқув ва илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори масъул лавозимларида ишлаган.

Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокимига туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.