Қўқонда 18 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, 3,6 млн сўмлик телефонини тортиб олган жиноий шериклар ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 18 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, 3 миллион 600 минг сўмлик телефонини тортиб олган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти

Хабарга кўра, воқеа 1 ноябрь, якшанба куни соат 16:00 да Қўқон шаҳридаги Урганжибоғ кўчасида содир бўлган. Маълум қилинишича, Э.Б. таниши У.Қ. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, мазкур кўчада кетаётган 18 ёшли И.И.ни тўхтатиб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитган. Сўнгра ёнида бўлган пичоқ билан ҳужум қилиб, юз соҳасига қўли билан уриб, унинг 3 миллион 600 минг сўмлик телефонини босқинчилик йўли билан тортиб олган. Шунингдек, жиноий шериклар Қўқон шаҳар Форобий савдо комплексида мазкур телефонни жами 2 миллион 600 минг сўмга сотиб юборгани аниқланган.

Терговга қадар текширув жараёнида Э.Б.дан 686 минг сўм ҳамда унинг уйидан 800 минг сўм нақд пул ва фуқаро Б.И.дан бошқа бир телефон ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Э.Б. ва У.Қ. Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Марғилонда пиёданинг 800 минг сўмлик телефонини тортиб олган ҳайдовчи, Қўқонда ҳайдовчининг 1,6 миллион сўмлик телефонини фойдаланишга олиб, пулини бермаган аёл қўлга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, Учкўприкда фуқаронинг телефонини тортиб олган 4 нафар йигит қамоққа олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар