Шерзод Шерматов ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан Президент сиёсатига хиёнат қилмасликни сўради
Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларга юклатилаётган ортиқча топшириқлар юзасидан ҳоким ва сектор раҳбарларига мурожаат йўллаб, бу ишларни Президент сиёсатига хиёнат дея баҳолади.
«Наҳотки баъзи жойлардаги мутасаддилар ўзининг бугунги муаммосини ҳал қиламан деб, Президент сиёсатига хиёнат қилаётганини тушунмаса!», деб ёзади Шерматов ўзининг Telegram каналида.
Халқ таълими вазири Президентнинг ҳокимлар камида 30—40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратиши ҳақидаги топшириғини эслатган.
«Президентимиз бу йил биринчи бор ‘Ўқитувчи ва мураббийлар куни’ байрамида ўзлари чиқиб табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. Таълим-тарбия тизимини яхшилаш бўйича фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар, кейин яна қўшимча селектор ўтказиб, ҳар бир ҳоким энди камида 30—40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратсин деб айтдилар ва ҳурматли ҳокимларимиздан бу масалага чин дилдан ёндашишни, кундалик топшириқ сифатида қабул қилмасликни сўрадилар», — деб ёзади Шерматов.
Шерзод Шерматов Президентнинг фармонидан сўнг ўқитувчилар ҳақида бир нечта муаммолар бўйича мурожаатлар келаётганини қайд этган.
«Куни кеча фармонга имзо қўйишдан олдин яна бир бор таълимни кўтариш муҳимлигини қатъий таъкидладилар. Бугун эрталабдан эса жойлардан шундай янгиликларни ўқиб турибмиз…», — деб ёзади халқ таълими вазири.
Шерзод Шерматов жойлардаги ўқитувчиларга юклатилаётган ортиқча топшириқларни Президент сиёсатига хиёнат, давлат раҳбарининг имиджини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаб, ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилди.
«Бундай ҳолатларни, нафақат Президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб Давлат Раҳбарини имиджини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур деб ҳисоблаймиз», деб ёзган халқ таълими вазири.
Шунингдек, Шерзод Шерматов ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларининг фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришни, агар имконияти бўлмаса, ҳалақит қилмасликни сўраган.
«Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришингизни сўраймиз! Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса ҳалақит қилманг!», — дея қайд этган вазир.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Йиғилишда Шавкат Мирзиёев мактабларни таъмирлаш ва ободонлаштиришга ҳокимлар масъул эканини эслатган. Шунингдек, ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилган. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилиши маълум қилинган.