Шавкат Мирзиёев мактабларни таъмирлаш ва ободонлаштиришга ҳокимлар масъул эканини эслатди
Шавкат Мирзиёев раислигида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда мактабларни таъмирлаш, ободонлаштириш, иситиш каби хўжалик масалаларига ҳокимлар шахсан масъул экани эслатиб ўтилган. Шунингдек, олий ўқув юртига кира олмаган битирувчиларни муайян касб-ҳунар ёки тадбиркорликка жалб этиш муҳимлиги қайд этилган.
«Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан: мактаб директоридан бошлаб бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу — йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10—15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба», — деди Президент.
Шунингдек, ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилган. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармаслигини таъкидлаганди.