Сирдарёда ўз хизмат мавқеидан фойдаланган адвокатга жиноят иши очилди

Сирдарё туманидаги адвокатлик бюроси адвокати катта миқдорда пора билан ушланди. Бу ҳақда давлат хафсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур адвокат туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳозирда Ховос туманидаги 8-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган фуқарони Сирдарё туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ўтказиш ҳамда кейинчалик жиноят ишини судда унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 5500 АҚШ доллари талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбирда адвокат 4500 АҚШ доллари ва 6 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, адвокат жиноят ишига гумонланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

AI News