Танзила Норбоева таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги гапларига изоҳ берди — видeo

Олий Мажлис Сенати pаиси Танзила Норбоева 4 декабрь куни одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг ўтказган йиғилишида таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги гапларига изоҳ берди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалининг «Zamon» ахборот дастурида маълум қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Йиғилиш давомида Танзила Норбоева жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги гапларига изоҳ берди.

«Мен жинсий тарбия ҳақида гапирганимда блогер ва журналистларимиз мутлақо нотўғри тушунишди. Жинсий тарбия зарурати ҳақида гапирганимга сабаб, қизларни гинекологга, ўғил болаларни урологга олиб бориб текширтириш, шамоллаш асоратларининг олдини олиш мумкин. Ёшлигидан соғлигига қарайдиган бўлсак, бепуштликнинг олдини олса бўлади.

Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти. Бунда нафақат аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам бепуштлиги бор. Эркаклар шифокорга боришга уялади. Иккинчи, учинчи аёлга ҳам уйланади. Лекин боласи бўлмайди. Айб ўзида, аммо даволанишни истамайди. Шундай стереотиплар билан курашишимиз керак», — деди Танзила Норбоева.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда одам савдоси жиноятларида чақалоқ савдосининг улуши ортган. Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уриши ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан кичиклигида асраб олиши кераклиги ҳақидаги важни келтирган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий Мажлис Сенати ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева «тарбия дарслари» доирасида болалар боғчаларидан бошлаб барча таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилишини маълум қилганди.

Янгиликлар