Ҳарбий прокуратуранинг ваколатлари кенгайди

Ҳарбий унвонлар ва олий даражали ҳарбий унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этиш Бош прокурор ваколатига киритилди. Бу бўйича «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.

Қайд этилишича, мазкур қонун билан Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурорнинг беш йиллик ваколат муддати, ёши йигирма бешдан кичик бўлмаслиги, ходимларни муайян лавозимларга тайинлаш ва озод этишдаги, шу билан бирга, ўзига бўйсунувчи ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар, фармойишлар чиқариш ваколатлари қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, ҳарбий унвонлар бериш ва олий даражали ҳарбий унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этиш Бош прокурор ваколатига киритилган.

Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ, прокуратура органлари ва муассасаларининг ходимларига даражали унвонлар ва ҳарбий унвонлар бериш ҳамда улардан маҳрум этиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби «Прокуратура тўғрисида»ги қонунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланиши назарда тутилди.

Умуман олганда, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 9 та моддасига ва жами 18 та нормасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.