Йил якунигача Фарғона чўлларида 1400 та намунали уйлар қурилади (фото)

Фарғона вилоятида йил якунигача 10 140 та уй қурилиб, кам таъминланган, кўп болали, оиласида ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалар доимий тураржой билан таъминланади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, бу рақам аввалги йилга нисбатан икки ярим баробарга кўп. Аста секин уй-жой мавзелари Марказий Фарғона чўллари томон кириб бормоқда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

2020 йилнинг ўзида қумлоқ барханлар, ўзлаштирилмаган ерларда 1400 та якка тартибдаги ҳар бири олти сотих ерга эга намунали лойиҳа уйларидан қурилади. Олтиариқ туманининг Марказий Фарғона чўлларидаги ерларида қурилиш ишлари давом этмоқда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Биз 10 та якка тартибдаги уйлардан қуряпмиз. Мана, том ёпиш якунланяпти. Мустақиллик кунигача улардан 5 тасини эгаларига топширамиз», — дейди «Элит қурилиш барака Инвест» МЧЖ раҳбари Нурафшон Азимов.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу уйлар ҳукумат қарорига кўра ипотека кредити асосида берилади. Яъни оила уйнинг умумий нархидан дастлабки ўн фоизини тўлайди. Қолган 90 фоизи эса 20 йиллик кредитга берилади.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев чўл массивида қурилаётган уйлар, қурувчи-мутахассислар билан учрашди.

«Мен Россияда бир неча йилдан буён қурувчи бўлиб ишлар эдим. Қишда уйга, оилам бағрига қайтдим. Лекин касаллик тарқалиши туфайли яна Россияга қайтиб кетолмадим. Ўзим пардозлаш ишлари бўйича яхшигина мутахассис эдим. Яқинда маҳалла раиси чақириб, сенга иш бор, қурилишга борасанми, деди. Шу-шу уйлар қурилишида ишлаяпман. Ойлик иш ҳақим Россиядагидан кам эмас. Қолаверса, оилам бағридаман», — дейди Одилжон Мирзажонов.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Вилоятимиздан 44 минг меҳнат муҳожири Россияда қурувчи бўлиб ишлаган ва пандемия туфайли қайтиб кетолмаган. Биз уларнинг 39 мингини вилоятдаги қурилиш объектларига ишга жойладик», — дейди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Таъкидланишича, Марказий Фарғона чўлларида газ, сув, сувоқава (канализация) каби инфратузилмалар мавжуд.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Вилоят электр тармоқлари бошқармаси ўзининг ишчи хизматчилари учун Марказий Фарғонада 50 та якка тартибдаги 6 сотихли уй-жойлар қурилмоқда. Касаба уюшмалари билан келишган ҳолда уйнинг дастлабки 10 фоизли тўловини ўзимиз тўлаб борамиз. Қолган қисмига 20 йиллик кредит расмийлаштирилади», — дейди бошқарма бошлиғи Дилшод Жалилов.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ерда ҳам қурувчилар ва бўлажак уй эгалари билан учрашиб суҳбатлашди. Қурувчи ва талабгор оилалар вакилларининг барча саволларига жавоб берган ҳолда ўртага қўйилган масалаларга ечим топди.

«Фарғона вилоятида уйсиз биронта оила қолмайди. Мақсадимиз Президентимиз қўйган вазифани бажариб, одамлар бугун бахтли яшашини таъминлаш», — дейди вилояти ҳокими.

Аввалроқ Бухорода 660 та оилага мўлжалланган тураржой қурилаётгани хабар қилинган эди.