Наманганда Ўзбекистондаги энг йирик масжид, ҳунармандлар маркази ва савдо маркази қурилмоқда (фото)
Наманган вилоятида Ўзбекистондаги энг йирик, 3 қаватли ҳунармандлар маркази, бир вақтнинг ўзида 15 минг кишини сиғдира олувчи масжид, энг йирик савдо маркази, меҳмонхона, виллаларни ўз ичига олган «Afsonalar vodiysi» тематик истироҳат боғи қурилмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 сентябрда қабул қилингин «Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 730-сонли қарорига мувофиқ, Наманган шаҳрида собиқ «Машраб» боғи ўрнида «Afsonalar vodiysi» тематик истироҳат боғи қурилмоқда.
«Afsonalar vodiysi» мажмуаси лойиҳаси доирасида 1300 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, 112 та дўконни ўз ичига олган икки қаватли савдо-сайилгоҳ кўчаси, 16 турдаги замонавий аттракционлар ва виртуал ўйинлар хонасидан иборат тематик парк ва аттракционлар, 800 нафар мижозга хизмат кўрсатувчи ресторанлар ишга туширилган. Бундан ташқари, мажмуада ёпиқ ва очиқ аквапарк бўлиб, бу ерда 10 та хизмат кўрсатиш ва 5 та техник бино, 16 бассейн хамда 7 турдаги сув аттракционлари бор. 2400 ўринга эга амфитеатр ва ёзги амфитеатрда эса Наманган вилоятининг турли кўнгилочар тадбирлари ўтказилади.
Замонавий шаршара, мусиқали фаввора, канал, кўл объектларининг атрофига манзарали дарахтлар экилган. Қолган объектларда қурилиш ишлари 70 фоизга бажарилган. 3 қаватли савдо маркази, 23 минг метр квадрат майдонни эгаллаган Миллий ҳунармандлар маҳорат маркази, 3500 ўринга, ташқаридаги майдони билан бирга 15 000 ўринга мўлжалланган масжид шулар жумласидандир.
Шунингдек, «Afsonalar vodiysi» ҳудудида 250 хона ҳамда 400 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ва 149 та вилла ҳам меҳмонларга хизмат кўрсатади. Объектдаги қурилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида 60 дан зиёд оғир техника ва механизмлар ҳамда 1000 нафардан зиёд ишчи ходимлар қурилиш ишларида иштирок этмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилганидан сўнг бир вақтнинг ўзида 15 минг кишига хизмат кўрсатиши кутилмоқда.
Маълумот учун Уйчида 200 га яқин муҳтож оила учун мўлжалланган тураржой қурилишининг 65 фоизи битказилди.
Аввалроқ Бухорода 660 та оилага мўлжалланган турар жойлар қурилаётганлиги ҳақида хабар берилганди. Улардан 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга берилади. Шунингдек, Бухорода 271 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш учун 32,2 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинганди.