Ўзбекистон ОТМларида биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 6 август, пайшанба куни 2020 йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги камида 35 та давлат ОТМсида биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.

«Тараққий этган давлатлар тажрибаси таълим даргоҳларини замон талабларига мослаштирмасдан илмий ва технологик ютуқларга эришиш қийин бўлишини кўрсатмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу сабабдан нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг камида 5 та олий таълим муассасаси трансформация қилинади. Бунда асосан тузилма ва ўқитиш технологиялари такомиллаштирилади, натижада улар замонавий таълим берадиган ва инновацияларни жорий қиладиган илмий даргоҳга айлантирилади.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари ректорлар билан мулоқотда бўлиб, улар айтган муаммоларни ҳал этиш ва таклифларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтихонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши маълум қилинган эди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига барча фанлар бўйича масофавий таълимга мослаштирилган ўқув дастурлари яратиш топширилган эди.

Янгиликлар