Бухоролик имом-хатиблар Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига борди

Бухоро вилоятидаги имом-хатиблар учун Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига саёҳат уюштирилиб, улар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, бухоролик имом-хатиблар муҳаддис мақбарасини зиёрат қилиб, халқаро марказ ва ҳадис илм мактабида яратилган шароитлар билан танишган ҳамда илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумотларга эга бўлган. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов меҳмонларга марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берган. Шунингдек, айни пайтда халқнинг диний ва дунёвий билимларини бойитиш, жамиятда учрайдиган турли иллатларга қарши курашишда имом-хатиблар олдида турган вазифаларга тўхталган.

«Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида диний идоралар вакиллари иштирокида ўқув семинарлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бизнинг Самарқандга сафаримиз ҳам фақат саёҳатдан иборат бўлиб қолмай, буюк бобомиз номи билан аталувчи халқаро марказ ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишиш, муқаддас маскан ўқитувчилари, тадқиқотчилари билан ўзаро фикр алмашиш, улар тажрибаларини ўрганиш билан мақсади кўзланган эди», — дейди Вобкент туманидаги «Сариосиё» масжиди имом хатиби Жўрабек Муродов.

Ўқув-семинарда марказ илмий ходимлари томонидан Имом Абу Мансур Мотуридий, Имом Бухорий ва бошқа алломаларнинг илмий мероси, уларнинг калом ва ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, бу илмларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинлангани, Пайариқда «Ислом нури» жоме масжиди қайта таъмирлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар