Самарқанд шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов 3 октябрь куни Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби лавозимига Зафар Маҳмудов номзодини тасдиқлади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Маҳмудов Зафар Орзиевич Самарқанд шаҳридаги «Хўжа Aбду Дарун» жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаган.
«Янги тайинланган домламизга масъулиятли ва шарафли вазифани садоқат билан адо этишда Оллоҳдан муваффақиятлар сўраб қоламиз», дейилади ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келган Нуриддинхон Исломов 22 cентябрь куни 73 ёшида вафот этгани хабар қилинганди.