Карманада МИБ 80 нафар фуқарога 332 млн сўмлик иш ҳақини ундирди
Навоий вилояти Кармана туманида мажбурий ижро бюроси 80 нафар фуқаро фойдасига «Электрокимёзавод» акциядорлик жамиятидан жами 332 миллион 234 минг сўм иш ҳақи ундирди. Бу ҳақда туман мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 20 август кунидаги ижро ҳужжатларига асосан қарздор «Электрокимёзавод» акциядорлик жамиятидан 80 нафар фуқаро фойдасига жами 332 миллион 234 минг сўм иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Олиб борилган ижро ҳаркатлари давомида жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига электрон шаклда инкассо топшириқномаси юборилган.
Бундан ташқари, пандемия шароитида ҳуқуқи бузилган ушбу фуқароларнинг иш ҳақини ундириш мақсадида қарздорга тегишли бўлган Кармана тумани ҳудудида жойлашган бино ҳамда «Zil-130» русумли юк машинаси ва «Damas» автотраспорт воситалари хатланган. Мазкур мол-мулклар қарздорлик ҳисобига сотилиши ҳақида жамият мутасаддилари огоҳлантирилган.
Кўрилган чоралар натижада 80 нафар фуқаронинг жами 332 миллион 234 минг сўмлик иш ҳақи тўлиқ ундирилиб, пуллар уларнинг банкдаги пластик ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди. Ижро ҳужжатларининг эса амалда ижроси таъминланган.
Aввалроқ Наманган шаҳрида МИБ томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.