Ўзбекистон Оила кодексига кўп болали оила тушунчаси киритилди

Президент томонидан 5 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Қонун билан 8 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, оила кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Бунда агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

Хабарга кўра, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, даъвогарлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божидан озод қилинади.

Aввалроқ Самарқандда сўнгги 12 кунда 4300 дан ортиқ оила муаммолари ўрганилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар