Рақобат муҳити бўлмаган шароитда ‘Uzbekistan Airways’нинг ўз фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас — Сенат мажлиси

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси 5 октябрь куни видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлисини ўтказди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Мажлис Монополияга қарши курашиш қўмитасида бўлиб ўтган ва унда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинган. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси тегишли бошқармалари буйруқлари билан «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти тизимидаги халқаро аэропортлар мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатиш бўйича табиий монополия субъекти сифатида давлат реестрига киритилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК дирекцияси негизида «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти ташкил этилган. Қолаверса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК таркибига кирадиган 14 та давлат унитар корхонасини масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилиб «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти ташкил этилган.

Ўтказилган таҳлиллар жараёнида ҳаво транспорти соҳасининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлик ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар аниқлангани мажлисда қайд этилган. Жумладан, ‘Uzbekistan Airways’ АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона миллий компания эканлигидан рақобат муҳити бўлмаган шароитда компаниянинг фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас.

«2010 йилдан буён компаниянинг парвозлар сони бор-йўғи 15 фоизга ошган. Ҳаво техникасининг кам миқдордалиги янги йўналишларни ўзлаштириш, парвозлар сонини кўпайтириш ҳамда компания самарадорлигини ошириш имкониятини чеклайди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, парвозлар синфларини танлашнинг мураккаб тизими, харид қилинаётган хизматларнинг муҳим шартлари ҳақида истеъмолчиларнинг ахборотга эга бўлишига салбий таъсир этмоқда.

Қолаверса, «Uzbekistan Airways» АЖ тизимида юк ташишни ривожлантириш қўшимча даромад манбаи сифатида кўриб чиқилмагани муҳокама қилинган. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03 фоиз улушни ташкил этади, бу эса жаҳон миқёсидаги 35 фоиздан анча паст бўлиб, юк ташиш салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатади.

«Шунингдек, аэропортларнинг замонавий ихтисослашган ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмаганлиги самолётларни юқори сифатли қабул қилиш ва техник хизмат кўрсатиш даражаси пастлигига олиб келмоқда. Натижада аэропортларнинг ҳамкор сифатида жозибадорлиги пасаймоқда», — деб таъкидлайди мажлис иштирокчилари.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинган.

Янгиликлар