МТВ Оқдарёда отаси чет элда бўлган боланинг боғчага қабул қилинмагани ҳақидаги саволга жавоб берди

АОКАда 5 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева Оқдарёда дадаси чет элда бўлган бола боғчага қабул қилинмагани юзасидан маълумот берди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, аҳолидан «Самарқанд вилояти Оқдарё тумани 13-МТТга борганида отаси Россияда ишлайди, деб МТТга қабул қилинмабди, шу тўғрими?» мазмунидаги савол келиб тушган.

Таъкидланишича, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Човка қишлоғида яшовчи фуқаро Ф.Сафаров томонидан акасининг ўғли 13-сонли мактабгача таълим ташкилотига қабул қилинмаётганлиги тўғрисидаги оғзаки мурожаати ўрганилган.

«Ўрганиш даврида 13-сон МТТ директори ва фуқаро Ф.Сафаров билан суҳбат олиб борилди. Суҳбат давомида, ҳақиқатдан ҳам, Исломов Азимжон давлат хизматлари марказида 13-сон МТТга 10-навбатда турганлиги, йўлланмаси ҳозирча чиқмаганлиги аниқланди. Фуқарога давлат хизматлари маркази томонидан жиянига икки-уч кун ичида йўлланма чиқиши бўйича хабар берилди», — дейди вазирлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Маълумот учун, агар боланинг яқин қариндошлари чет элда бўлганлиги аниқланса, унга кўра бола Васийлик кенгаши қарори билан МТТга олиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби боғча тарбиячиларининг маоши ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, Учқўрғондаги боғчага олиб келинган кўмирнинг ярмидан кўпи тош билан брикет эканлиги рад этилганди.

Янгиликлар