Zо‘rTV журналистларини калтаклаган «Кўприкқурилиш» корхонаси ходимига ҳукм ўқилди

Жорий йил август ойида «Кўприкқурилиш» корхонаси ходими Zо‘rTV журналистларини калтаклагани учун ишдан бўшатилганди. Ушбу ҳолат юзасидан бугун, 6 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида суд иши кўриб чиқилди.

Суд мажлисида Zо‘rTV журналисти ва операторини калтаклаган шахсга ҳукм ўқиди. Судланувчи Нодир Эшниёзов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Судланувчига дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Сўнг, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди.

Судланувчидан Zо‘rTV канали фойдасига етказилган зарар учун 23 миллион 755 минг 641 сўм маблағ ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, «TELERADIOKOMPANIYA ZO’R» МЧЖга тегишли бўлган 1 дона «SONY XDCAM Z280» русумли видеокамера, 1 дона «SONY MDR-XB550» русумли қулоқчин, 1 дона «Sennheiser EW 335-g3»русумли микрофон ва 1 дона «Sennheiser G4» русумли микрофон базасини «TELERADIOKOMPANIYA ZO’R» МЧЖга қайтариш белгиланди.