Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 10 ойдан бери ёпиқ бўлган чегара-ўтказиш пункти қайта очилди

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан Саразм–Жартепа чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти товар ва юкларни экспорт ва импорт қилиш учун қайта очилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон божхона бошқармасидаги манбасига таяниб хабар берди.

Саразм—Жартепа ўказиш пункти
Фото: «rus.ozodi.org»

Таъкидланишича, Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги Жартепа ҳамда Саразм пунктларидан товарларни олиб ўтишда фойдаланиш мумкин. «Бундан буён икки қўшни давлат ишбилармонлари пункт орқали ўз товарларини Тожикистон ва Ўзбекистонга экспорт ва импорт қилиши мумкин», дейилади хабарда.

Юқорида айтиб ўтилган назорат пункти орқали фуқароларнинг ўтиши ҳали тикланмаган.

Саразм–Жартепа назорат-ўтказиш пункти 2020 йилнинг март ойида коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли бутунлай ёпилган эди. Шундан кейин тожик-ўзбек чегарасидаги деярли барча назорат пунктлари бирин-кетин ёпилган. Жами — 17 та назорат пунктидан фақат учтаси — Турсунзода–Сариосиё, Матча–Ойбек ва Спитамен–Плотина пунктлари халқаро юкларни олиб ўтишда карантин пайтида ҳам очиқ бўлган.

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон маълум қоидаларга риоя қилган ҳолда Тожикистон фуқаролари учун чегараларни, шу жумладан, қуруқлик чегараларини очган эди.

25 декабрдан бошлаб эса коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни тайёрлашда Ўзбекистонда Махсус республика комиссияси чегарани кесиб ўтишнинг янги тартибини қабул қилган. Бундан буён Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишда Ўзбекистонга кириб келганлар коронавирус учун пуллик экспресс-тестдан ўтиши керак.

Ушбу тартиб COVID-19 учун салбий ПЗР тести бўлганларга ҳам тегишли. Тезкор синов аэропортларда, темир йўл станцияларида ва чегара пунктларида амалга оширилади. Тезкор тест натижаларининг ижобий натижасини олган беморлар коронавирус беморларини даволаш бўйича ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади ёки уйда даволанишга юборилади.

Айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қуруқлик чегарасида фуқароларнинг ўтиши қисман тикланган. Ҳозирча фақат учта тоифадаги фуқаролар мазкур чегаралардан ўтиши мумкин:

  • Тожикистон ёки Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари талабалари. Улар чегарани кесиб ўтишда паспорт билан бирга талабалик гувоҳномасини ва коронавирус инфекциясининг йўқлиги ҳақидаги таҳлилни чегарани кесиб ўтишдан 72 соатдан кечиктирмасдан тақдим этишлари шарт.
  • Қўшни томонда рафиқаси, эри ёки болалари бўлган Тожикистон ёки Ўзбекистон фуқаролари паспорт билан бирга чегарачиларга никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ва коронавирус инфекцияси йўқлиги тасдиқланган натижаларни 72 соат ичида тақдим этишлари керак.
  • Коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун Тожикистон ёки Ўзбекистон республика штаб-квартирасидан тегишли ёзма рухсатга эга бўлган икки мамлакат фуқаролари.

Аввалроқ Тожикистонда электрдан фойдаланишда чекловлар киритилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар