Тожикистонда электрдан фойдаланишда чекловлар киритилди

Тожикистоннинг кўп қаватли уйлари бўлмаган қишлоқ жойларида 5 январдан бошлаб 23:00 дан кейин электр таъминоти тўхтатилади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар берди.

Иллюстратив фото

Айтилишича, ушбу қарор Нурек ГEС сув омборидаги сув сатҳи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 метрга пасайгани сабабли қабул қилинган. 5 январдан эътиборан соат 23:00 дан эрталаб 6 гача тожикистонликларнинг уйларида чироқ бўлмайди. Манба энергия чеклови қанча давом этишини маълум қилмаган.

Маълумотларга кўра, кузда республиканинг қишлоқ жойлари ва туманлари аҳолиси электр энергиясининг тез-тез ва узоқ вақт узилишидан шикоят қила бошлаган эди. Лекин 10 декабрдан бошлаб республиканинг барча қишлоқ, туман ва шаҳарлари, бир неча соат давомида тўхташ ҳолатларини ҳисобга олмаганда, электр энергиясини узлуксиз ва туну кун қабул қила бошлаганди.

Аммо, экспертларнинг фикрига кўра, Тожикистоннинг сув-энергетика ресурслари баҳор-ёз мавсумигача ушлаб туриш учун етарли эмас ва айни чекловларни татбиқ этиш муҳим ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Янги йил байрами кунида телевидение орқали президент Имомали Раҳмон яна бир бор барча Тожикистон халқига мурожаат қилган. «Агар биз қишни муаммосиз ва қийинчиликсиз ўтказишни истасак, электр энергиясидан қишда тежамкор ва оқилона фойдаланишни биринчи ўринга қўйишимиз керак», — деб таъкидлаган у.

Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакат бўйлаб электр таъминотида нега узилишлар кузатилаётганига изоҳ берган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда байрам кунлари ҳам қарздорлар электр тармоғидан узилиши маълум қилинган.

Янгиликлар