Ўзбекистонда байрам кунлари ҳам қарздорлар электр тармоғидан узилиши мумкин

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати Ўзбекистонда байрам кунлари ҳам электрдан қарздорлар тармоқдан автоматик узилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Фото: «Вести Тамбов»

Қайд этилишича, республикада электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этилиши муносабати билан қарздорлар автоматик тарзда тармоқдан узилади.

«Барча электр энергияси истеъмолчиларини яқинлашиб келаётган Янги йил билан табриклаган ҳолда, байрам кунлари қарздорлик туфайли хонадонгизда электр энергиясида узилишлар бўлишини олдини олиш мақсадида фойдаланилган электр энергияси учун мамлакатимизда мавжуд тўлов тизимлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга оширишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Оҳангаронда 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқлангани ва Сурхондарёда олтита туманни электр энергия билан таъминлайдиган ГЭС ишга туширилиши ҳақида хабар қилинганди.

Кейинчалик Ўзбекистон аҳолиси электр энергиясидан қанча миқдорда қарздорлиги маълум қилинганди.