Туркиядаги зилзилада бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг «Овакент» қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади. Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси томонидан фуқароларимизни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 3-6 февраль кунлари Каҳраманмараш шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Туркия томони билан ҳамкорликда Анқарадаги таълим марказига вақтинчалик жойлаштирилган ва уларнинг Ўзбекистонга қайтариш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

«7 февраль соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя вилоятида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз. Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

Янгиликлар