Наманган ҳокими Учқўрғон туманидаги ғўза майдонларини кўздан кечирди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 7 август, жума куни Учқўрғон тумани фермер хўжаликлари майдонларидаги ғўза ривожини кўздан кечирди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда 9 минг 436 гектар майдонда пахтанинг «Султон», «С 65-24» ва «Андижон — 35» навларини етиштирилмоқда.
«Август деҳқончилик тақвимига кўра, асад ойига тўғри келади. Халқимизнинг ‘Асад — экинингни ясат’ деган ажойиб мақолидан ҳам англаш мумкинки, ҳосил тақдири ҳал бўладиган бу ойда фермер ва деҳқонлар зиммасида улкан масъулият турибди. Ғўза парваришидаги энг муҳим паллада амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг ўзига хос жиҳатларини бекаму кўст адо этиш, экинни том маънода ‘ясатиш’ керак. Бунда биринчи шарт экинни қақрашга қолдирмай, вақтида тўйинтиришдир. Шунинг учун мазкур масъулиятли даврда фермер ва мутахассислар, миробу механизаторлар, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи зарур», — деди Хайрулло Бозоров.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими «Мулла қозоқ», «Умиджон Барнохон», «Жаҳонгир Абдумажид Шоядбек», «Абдулҳамид ота», «Гулхумор», «Мамажон ўғли Рустам», «Бўстон келажаги Беҳруз», «Турон—2018», «Аҳаджон Муҳаммадий», «Шоҳжаҳон Моҳларойим», «Давр тола», «Бободехқон» «Жаҳонгир Жавлонбек толаси», «Қўғайли Эна» фермер хўжаликлари майдонларидаги ғўзаларнинг парвариши, агротехник ишловларга эътибор қаратди ва ҳар бир майдондаги қаров юзасидан раҳбарларга индивидуал тарзда галдаги кечиктириб бўлмас амалий чора-тадбирлар бўйича вазифалар қўйди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хайрулла Бозоров Мингбулоқдаги инновацион технологиялар асосида экилган пахта далаларида бўлган эди.