Ўзбекистон ОТМларида тест олинадиган йўналишларнинг ижодий имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин

AОКA мажлислар залида 7 август, жума куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Хабар берилишича, ушбу тадбирда Ўзбекистонда тест олинадиган йўналишларда ижодий имтиҳонлар бекор қилиниши маълум қилинган.

«Ижодий имтиҳони бор ОТМ йўналишлари 2 турга бўлинади: уларнинг биринчиси тест билан биргаликда ўтказиладиган ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар бўлса, иккинчиси фақат ижодий имтиҳон олинадиган йўналишлар ҳисобланади.

«Тест ва ижодий имтиҳонлар бирга ўтказиладиган йўналишлар, масалан, журналистика таълим йўналиши кабиларда ўша ОТМлар ректорлари хулосалари ўрганилиб, абитуриентни 2 марта овора қилмаслик учун ижодий имтиҳон ўрнига ўтган йили фанлар блокида мавжуд бўлган фанлардан фақат тест олиш таклифи Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига берилган», — деди вазирлик бошқарма бошлиғи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтихонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берилди.