Ўзбекистонда ҳайвонларни аномал иссиқликдан асраш чоралари кучайтирилмоқда

Боғ ходимлари томонидан ҳудуддаги сув ичиш жойлари кўздан кечирилиб, сув захиралари тўлдирилмоқда ҳамда зарур бўлган участкаларда қўшимча сув манбалари ташкил этилмоқда

Республикадаги барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларни аномал иссиқдан асраш, уларга янада қулайлик яратиш ҳамда муҳофаза ҳудудларида ёнғин келиб чиқишининг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудларда назорат ва патруллик ишлари кучайтирилди, ёввойи ҳайвонлар ҳамда Қизил китобга киритилган, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турлари учун сунъий сув ичиш жойлари мунтазам сув билан таъминланмоқда.

Шунингдек, волерларда парваришланаётган Бухоро буғулари учун сунъий сув ҳавзалари сув билан тўлдирилиб, доимий назоратга олинди, ҳудуднинг муҳим нуқталарига 1 тонналик сув сиғимлари жойлаштирилди ва ёнғинга қарши техника ҳамда жиҳозлар доимий шай ҳолатга келтирилди.

Қолаверса, Навоий вилоятида жойлашган «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ҳудудида ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мавжуд табиий ва сунъий сув манбаларининг ҳолати доимий назоратга олинди. Боғ ходимлари томонидан ҳудуддаги сув ичиш жойлари кўздан кечирилиб, сув захиралари тўлдирилмоқда ҳамда зарур бўлган участкаларда қўшимча сув манбалари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидаги «Судоче-Акпетки» ва «Барсакелмес» давлат буюртма қўриқхоналари, Навоий вилоятидаги «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси, Жиззах вилоятидаги Зомин давлат қўриқхонаси, Сурхондарё вилоятидаги Сурхон давлат қўриқхонаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудида жойлашган Қизилқум давлат қўриқхонаси ва бошқа муҳофаза ҳудудларида аномал иссиқда ёнғин хавфсизлигига қатъий амал қилишга қаратилган семинар ва ўқув машғулотлари ўтказилиб, ходимларга керакли тавсиялар берилмоқда.

Ўзбекистон