Романовлар саройида Ўзбекистон давлат санъат музейи филиали ташкил этилади

Мажмуанинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, 300 га яқин экспонатдан иборат доимий экспозиция шакллантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳа ва тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Дастлаб нуфузли хорижий музей ва кўргазма майдонларида Ўзбекистоннинг археологик ва илмий мероси, шунингдек, амалий санъат асарларини намойиш этиш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Жумладан, 2026 йил сентябрь ойида Доҳадаги Ислом санъати музейида «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмасини, ноябрь ойида эса Миландаги Prada фондида Ўзбекистоннинг ноёб экспонатлари иштирокида «Global Antiquity» халқаро археология кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилган.

Маданий мерос объектларини реставрация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Романовлар саройида Ўзбекистон давлат санъат музейи филиалини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда мажмуанинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, 300 га яқин экспонатдан иборат доимий экспозиция шакллантирилади, — дейилади хабарда.

Шу билан, Мухтор Ашрафий уй-музейида бинонинг фасади ва тарихий интерьерлари реставрация қилиниб, экспозиция янгиланмоқда. Музей замонавий муҳандислик тизимлари, хавфсизлик ва иқлим назорати воситалари, мультимедиа ускуналари, шунингдек, овоз ёзиш студияси билан жиҳозланади.

Йирик концертлар, фестиваллар, танлов ва кўргазмаларни ташкил этишнинг ягона тизимини шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Халқаро фестиваллар дирекцияси» давлат муассасаси негизида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида Маданий лойиҳалар миллий операторини ташкил этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари лойиҳаларни пухта тайёрлаш, реставрация ишлари сифатини қатъий назорат қилиш, миллий мазмунни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро маданий ҳамкорликнинг амалий натижадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон