Самарқандга 6 ой давомида чет давлатлардан қанча қорамол келтирилгани маълум қилинди

Самарқанд вилоятига 2020 январ—июль ойлари давомида чет давлатлардан 426 бош наслли мол келтирилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредитлар учун компенсация тақдим этилиши эса тармоқни янада такомиллаштириш эвазига аҳолини арзон ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Айни кунларда вилоятда 1 миллион 554 минг 243 бош қорамол, 2 миллион 401 минг 545 бош қўй-эчки, 12 миллион 245 минг 943 бош  парранда парваришланмоқда.

Шунингдек, 2020 йилнинг январ—июль ойлари давомида Самарқанд вилоятига чет давлатлардан 426 бош наслли мол келтирилди. Жумладан, Самарқанд туманидаги «Маҳмудов Олтинжон Чорвачилик» фермер хўжалигига Россиядан 32 бош, Ургут туманидаги «Сурхон чорва насл» фермер хўжалиги томонидан Латвиядан 31 бош, Оқдарё туманидаги «Турон» фермер хўжалигига Австриядан 31 бош наслли мол ва Пастдарғом туманидаги «Янгиобод чорва насл моллари» фермер хўжалигига Чехиядан 203 бош симментал зотли наслли буқа олиб келинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 29 майдаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 110-қарорида мамлакатга наслли чорва моллари олиб кирилаётганда божхона тўловларидан имтиёзлар берилиши ва озод қилиниши тартиби батафсил келтириб ўтилган.

Аввалроқ Фарғонада икки бош қорамол ўғирлаган шахс ушлангани, кейинчалик мазкур ҳудудда яна икки бош қорамол ўғирлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар