Тошкентда қалбаки сертификат билан ўқишга кирмоқчи бўлган 3 нафар абитуриент қўлга тушди

Тошкентда чет тили фанидан сохта сертификат топшириб, ўқишга кирмоқчи бўлган 3 нафар абитуриент қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан Давлат тест марказининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда абитуриентлар С.A., Ф.Ю. ва Х.A. тест синовлари мажмуасига чет тили фани киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган.

Шунингдек, сертификатнинг муайян даражаларига эга бўлган абитуриентларга чет тили фанидан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилганлигидан фойдаланиш мақсадида «www.abitur.dtm.uz» сайти орқали чет эл ваколатли хайрия органининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилоти сертификатини қалбакилаштириб, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга ҳужжат топширганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ушбу абитуриентларга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйича 37 нафар абитуриент биринчи сменада тестдан четлаштирилгани ҳамда кириш имтиҳонларининг биринчи кунида 6 мингдан ортиқ абитуриент тест синовига келмагани ҳақида хабар қилинганди.