Андижонда COVID-19’га чалинган ҳомиладорларнинг ерда ётгани айтилган ҳабар юзасидан ўрганиш бошланди

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда «Андижон шаҳар хокими поликлиникада ўзини реклама қилмасдан реал муаммони ҳал қилсин» сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, журналист Хуршид Далиев ўзиниг Telegram каналида «Андижон шахар хокими поликлникада ўзини реклама қилмасдан реал муаммони хал қилсин» номи остида пост қолдирган.

Фото: Muxbir Daliyev / Telegram

Фото: Muxbir Daliyev / Telegram

Фото: Muxbir Daliyev / Telegram

«Жаноб шахар хокими Бахромжон Хайдаров. Халқни кўзига чўп тиқманг. Уволи тутади. Сохта рекламаларизи ўрнига мана бу суратдаги аёлларнинг муаммосига қаранг. Бу суратларни кўриб жамиятдан нафратландим. Кимнидир онаси,  синглиси, опаси. Ковид билан касалланган хомиладор аёллар. Қани кариллаган захира жойлар. Қани шарт шароит. Пуллар қаерга кетди. Ким жиғилдонига еди, Бахром Хайдаров», дейилади хабарда.

Шунингдек, журналист хабарида бир аёлнинг гинекология булимига жойлашгани, бироқ бу ердаги ахвол жуда аянчли холатда эканлиги, ҳомиладор аёлларга ҳам шароит йўқлиги айтилган мурожаатини келтириб ўтган.

Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирган. Хусусан, Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мавжуд ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилаётганлигини маълум қилган. Бундан ташқари, ўрганиш якунлари тўғрисида Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан батафсил ахборот берилиши айтиб ўтилган.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, 2020 йил 7 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда COVID-19 касаллиги билан касалланган беморлар учун жами 2 минг 152 та махсус жиҳозланган, кислород билан таъминланган алоҳида захира жойлари қурилган.

Аввалроқ Бухорода марказий поликлиника бўшатилиб, ундаги 200 дан ортиқ тиббиёт ходими ишсиз қолаётгани айтилган хабарга муносабат билдирилгани ҳамда Косонсойда карантин марказидаги 225 нафар тиббиёт ходимига 400 млн сўмдан ортиқ маблағ берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар