Косонсойда карантин марказидаги 225 нафар тиббиёт ходимига 400 млн сўмдан ортиқ маблағ берилгани маълум қилинди

Наманган вилояти Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси ижтимоий тармоқларда тарқалган «Карантин маркази ходимлари маошига 60 мингдан 100 минг сўмгача қўшимча тўланяпти. Бу кам эмасми?» номли хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Косонсой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартибини белгилашда ишлаб чиқилган вақтинчалик низомнинг 2-боб «Кунлик қўшимча тўловларни амалга ошириш тартиби»га асосан тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан тасдиқланган буйруғи билан тиббиёт ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишига жалб қилинган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ҳисобланиб, инқироз маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич тўлаб келинган.

Шунингдек, 6 фоизлик қўшимча ҳисобланган даврда ишлаган ходимларга ўртача иш ҳақлари сақланган ҳолда тўлиқ тўлаб келинган. Жумладан, 2020 йил 27 март кунидан бугунги кунга қадар бирлашманинг буйруғи билан жами 122 нафар тиббиёт шифокор, ўрта тиббий ходимлар, кичик тиббий ходимлар ва бошқа ходимлари жалб қилиниб, Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этилган талабномалар асосида 309 360 238 сўм инқироз маблағлари ҳисобидан ҳисобланиб тўлов ведомостларига ва банк пластик карточкалари орқали тиббиёт ходимларининг имзолари асосида тўлаб берилган.

«Бундан ташқари, бирлашма бошлиғининг буйруғи билан 103 нафар тиббиёт шифокор, ўрта тиббий ходимлар, кичик тиббий ходимлар ва бошқа ходимлари жалб қилиниб, иш ҳақига устама сифатида 97 934 842 сўм инқироз маблағлари ҳисобидан ҳисобланиб тиббиёт бирлашмасининг 2020 йил 22 сентябрдаги талабномаси билан Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этилиб, тўлаб бериш чораси кўрилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қоракўлда 38 нафар шифокорга 500 миллион сўмдан ортиқ мукофот пуллари топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар