Йўловчи ташиш хизматини ўрганиш учун Самарқандда ҳоким ўринбосарлари 1 ҳафта автобусда юради
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Шукуров 6 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги автобуслардан йўловчи сифатида фойдаланди. Бу ҳақда «Samtur.uz» хабар қилди.
Хабарга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 6 октябрь куни ўтказилган ҳокимлик соатида аҳолига транспорт хизмати кўрсатилиши масаласи кўриб чиқилган. Вилоят ҳокими Эркин Турдимов ўринбосари Акмал Шукуров, Самарқанд шаҳри ҳокими Бобурмирзо Облакулов ва бошқа масъулларга бир ҳафта давомида автобус ва таксида юриб, аҳолига қандай транспорт хизмати кўрсатилаётганини ўрганиш вазифасини топширган.
Маълум бўлишича, Акмал Шукуров ана шу топшириқ асосида 6 октябрь кунининг ўзида Самарқанд шаҳридаги автобусларга йўловчи сифатида чиқиб вазиятни ўрганишни бошлаган.