Эркинжон Турдимов: «Пандемияни баҳона қилиб, халқ билан мулоқотнинг йиғиштириб қўйилгани оқибатида фуқаролар ҳокимликка ишонмай қўйди»

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятдаги банк раҳбарлари ва мутасаддилар билан видеоселектор кўринишида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда банклар томонидан тадбиркорларга кредит ажратиш кечиктирилаётгани танқид қилинди. Ўз ўрнида банк раҳбарлари жойларда ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит бераётган омиллар ҳақида тўхталиб ўтди. Унга кўра, кўпгина ҳолларда лойиҳа ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги сабаб кредит берилишида муаммолар пайдо бўлмоқда. Бунинг натижасида эса лойиҳаларнинг ижроси ҳам кечикишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, тегишли масъуллар томонидан фуқаролар мурожаатига вақтида жавоб берилмаётгани ҳам танқид қилинди.

Фуқаролар шикоятларининг аксарияти қурилиш, ер ажратиш, электр энергияси, сув таъминоти, кадастр хизмати, молиявий муаммолар ва бошқа масалалар бўйича экани маълум қилинди.

«Бизларнинг масалаларга жиддий қарамётганимиз, ёлғончилик авж олгани, ‘енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтиш’ ҳолатлари кўпаяётганлиги, халқ билан мулоқотни йиғиштириб, пандемияни баҳона қилиш оқибатида кўплаб масалаларга ечим топилмаётганлиги фуқароларимизнинг давлат идораларига, ҳокимликка ишончсизлигини келтириб чиқармоқда. Бу эса, албатта, кечириб бўлмайдиган ҳолат деб қаралиши керак», — дейди вилоят ҳокими.

Бундан ташқари ҳоким фуқаролар мурожаатларининг кўпайиши жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилмаётганидан далолат беришини таъкидлади.

Аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари талаб даражасида эмаслигини маълум қилган эди. 

Янгиликлар