Гулистон шаҳрида 2020 йил сўнгига қадар «тиббиёт кластери» ташкил этилади

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш республика илмий маркази филиали «тиббиёт кластери»га айлантирилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Гулистон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш республика илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонаси бир ҳудудда бўлиб, унинг атрофида 10 га яқин тиббиёт муассасаси жойлашган. Уларни вилоят кўп тармоқли шифохонасига ягона бошқарув асосида бирлаштириб, «тиббиёт кластери»га айлантириш ва тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олийгоҳини ташкил этиш учун барча инфратузилма мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.

Хабарга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигига 2020 йил сўнгига қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда «Гулистон тиббиёт кластери»нинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишни бошлаш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, ҳар бир вилоят ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида Сирдарё тажрибаси асосида хорижий клиникалар билан ҳамкорликда «тиббиёт кластерлари»ни ташкил этиш бўйича таклиф киритиши белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилиши ва Асакада салкам 24 минг аҳолига хизмат қиладиган поликлиника очилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти қошида интегратив ва халқ табобати клиникаси ташкил этилгани ҳамда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларига ишга кирган шифокорларга 30 миллион сўм пул ва хизмат уйи берилиши маълум қилинган.

Янгиликлар