«Ўзбекистон 2020 йилда ‘Лукойл’дан 5 млрд куб метр газ сотиб олган» — Энергетика вазирлиги

АОКАда 6 ноябрь куни энергетика тизими ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон 2020 йилда «Лукойл»дан 5 миллиард куб метр газни экспорт нархидан анча паст нархда сотиб олгани маълум қилинди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, 2030 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш улушини камида 25 фоизгача ошириш режалаштирилган. Ушбу параметрлар Президент томонидан 2019 йил августда қабул қилинган фармонда белгиланган.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 2020 йилда 5 ГВт қуёш, 3 ГВт шамол ва 1,9 ГВт гидроэлектр станцияларини ўз ичига олган қуввати 10 ГВт бўлган янги қайта тикланадиган энергетика объектларининг қурилиши бошланган. Қайта тикланадиган энергетиканинг янги объектларини ишга тушириш ва мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш 37 миллиард кВт соатдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайди. Бу эса 8,1 миллиард метр кубдан ортиқ табиий газни тежашга имкон беради.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, матбуот анжуманида «Лукойл»дан қанча ҳажмда газ қандай нархда олиниши ҳақидаги саволга жавоб қайтарилди.

«Ўзбекистон Республикасига бу йил ‘Лукойл’ компаниясидан бирламчи 5 миллиард куб метр газ келишилган нархда сотиб олинган. Албатта, бу экспорт нархида эмас, экспорт нархидан анча паст нархда сотиб олинган. ‘Лукойл’ компанияси билан келишув бор. Агар яна қўшимча талаб керак бўладиган бўлса, келишилган нархларда ички бозорга йўналтиришимиз мумкин.

‘Лукойл’дан ички бозорга газ йўналтириш учун ерости сақлаш мажмуалари бор. Андижон вилоятида Хўжаобод ерости сақлаш ҳамда Бухорода Газли ерости сақлаш корхоналари бор. Уларни режадан аввал керакли миқдорда тўлдириб, қиш мавсумида ишлатишга тайёрлаб қўйдик», — дейди энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда асосан Қашқадарё, Бухоро вилоятларида газ қазиб олинади. 2020 йил бошида 101 та қудуқдан газ қазиб олиш режалаштирилган. Йил давомида қўшимча яна 38 та қудуқдан газ қазиб олиш мўлжалланган. Ҳозирги кунда уларнинг 16 таси ишга тушган. 560 га яқин қудуқларни таъмирлаш бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 30 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида қўмита раиси ўринбосари, сенатор Толиб Мадумаров марказий қувурлар СССР давридан буён алмаштирилмаганини танқид қилган эди. Бундан ташқари, қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига газ етиб бормаслиги, аммо ўша ерда газ қуйиш шохобчалари фаолият юритаётганини танқид қилган.

Янгиликлар