Ҳиндистонда 300 дан ортиқ киши номаълум касаллик туфайли касалхонага ётқизилди

Ҳиндистоннинг Aндхра-Прадеш штатида 315 дан ортиқ киши номаълум касаллик сабабли касалхонага ётқизилиб, бир киши вафот этди. Бу ҳақда «The Hindu» нашри хабар берди.

Фото: «PTI»

Нашр маълумотларига кўра, беморларда бош айланиши, бош оғриғи ва эпилепсияга ўхшаш аломатлар кузатилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Aлла Кали Кришна Сриниваснинг айтишича, ҳозирда беморларнинг уйлари текширилмоқда.

Барча хасталанганлар коронавирусга тест топширган. Аммо таҳлилларда салбий натижа қайд этилган. Шифокорлар бу қандай касаллик эканини аниқлай олмаган. Айни вақтда беморлар ичаётган сув, овқатлар ва қонларининг таҳлил натижалари кутилмоқда.
«The Times of India» хабарига кўра, беморлар 5 декабрдан бошлаб тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишни бошлаган. Кейинроқ номаълум касаллик аломатлари Элуру шаҳрининг турли минтақаларида яшовчи 45 кишида пайдо бўлган.

Таъкидланишича, мутахассислар касаллик сабаблари сифатида бир нечта омилларни ўрганмоқда. Шу жумладан, ҳавонинг ифлосланиши ёки сифатсиз маҳсулотлардан заҳарланиш касалликка сабаб бўлган бўлиши мумкин.