Тошкентда узунлиги 50 километр бўлган «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилади

Тошкент шаҳрида 2021 йилда давомида умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилади. Бу ҳақда Спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил давомида босқичма-босқич барча туманларнинг аҳоли учун қулай бўлган кўчаларида умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этади.

Мазкур мақсадлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023/2024 йилларда қайтариш шарти билан 20 миллион доллар миқдорида фоизсиз ссуда ажратилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда раҳбарларга ҳафтада камида бир марта ишга автомобилсиз келиб-кетиш тавсия этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «Автомобилсиз кун» белгилангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар