Ўзбекистонда пиёда ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун ўтиш йўлларида махсус светофорлар ўрнатилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда тартибга солинмаган серқатнов пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун ўтиш йўлларида махсус светофорлар ўрнатилади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, аҳолининг пиёда юриши учун қулайликлар яратиш мақсадида барча кўчаларда ўрнатилган светофорларнинг рухсат берувчи чироқлари вақти оралиғини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиб, пиёдалар ўтиш йўлакларида, шу жумладан, тартибга солинмаган серқатнов пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун ўтиш йўлларида махсус светофорлар (тугмачалар орқали бошқариладиган) ўрнатилишини, пиёдалар ўтиш жойларининг (зебра) халқаро тажрибадан келиб чиқиб ташкил этилиши таъминланади.

Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда пиёдалар ўтиш йўлакларида йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини кескин қисқартиришни режалаштирган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларини камида биттадан устувор, шу жумладан миллий спорт турларига ихтисослаштиради. Умумтаълим мактабларининг спорт турларига ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бирида ҳар ойда камида битта спорт тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилишини таъминлайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда раҳбарларга ҳафтада камида бир марта ишга автомобилсиз келиб-кетиш тавсия этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «Автомобилсиз кун» белгилангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар