Ўзбекистонда бир кунда 5 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилди

2 июнь куни Ўзбекистонда бир кун ичида бешта ўз жонига қасд қилиш ҳолати аниқланди.

Ўша куни тўртта вилоятда икки эркак ва икки аёл осилган ҳолда топилган, бир эркак эса деразадан сакраган.

Олинган маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида 49 ёшли эркак ўз уйи балконида қорамол учун мўлжалланган арқонга осилган ҳолда топилган.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги фирмалардан бирининг 45 ёшли қоровули иш жойида осилган ҳолда топилган.

Навоий шаҳрида яшовчи 79 ёшли нафақахўр ўз уйининг бешинчи қаватидан ўзини ташлаган. У олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 52 ёшли фуқаро ўз уйи ҳовлисидаги молхонада металл симдан ясалган илмоққа осилган ҳолда топилган. Бунга рашк сабаб бўлгани тахмин қилинган.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 27 ёшли аёл ўз уйида осилган ҳолда топилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан тергов олиб борилмоқда.