Андижонда калити ўт олдиргичда қолган автомашинани олиб қочиб, юк машинасига урилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон шаҳрида автомобиль ювиш шохобчасининг вояга етмаган ишчиси 3 август кунига ўтар кечаси раҳбарининг машинасини олиб қочди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Андижон шаҳри Фурқат кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасида 2020 йилнинг 3 август кунига ўтар кечаси соат 03:30 ларда оғзаки келишув асосида ёлланма ишчи сифатида ишлаб келаётган 17 ёшли И.Ў. мазкур шохобча рахбари С.Б.га тегишли оқ рангли «Spark» русумли автомашинани қулфланмаган ва калити ўт олдиргичда қолдирганлигидан фойдаланиб олиб қочди. Айнан шу куни соат 13:30 ларда у машинани Андижон тумани Келажак авлод кўчасида бошқариб кетаётиб, юк машинасининг орқасига бориб урилган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган 17 ёшли И.Ў.га нисбатан Жиноят Кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида вояга етмаган И.Ў. процессуал тартибда ушланган ва гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.

Аввалроқ Фарғонада «Tracker» автомашинасини олиб қочган шахс қўлга олингани хабар берилган эди.

Янгиликлар