Бухорода 3 минг қути бепул дори-дармон аҳолига етказиб берилди (фото)

Ўзбекистонда 15 августгача узайтирилган карантин чекловлари муносабати билан Бухорода коронавирусдан даво муолажаларини олаётган фуқароларга бирламчи зарур дори-дармонлар бепул етказиб берилмоқда. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, Ромитан туманида 5 август куни туман ҳокими раҳбарлигида ташкил қилинган Call-марказга тушган мурожаатларни ўрганиш орқали уй шароитида даволанаётган 44 нафар беморга бепул дори-дармон воситалари ажратилди. Бу воситалар туман маҳалла ва оилани қўллаб-қуввватлаш бўлими ходимлари томонидан етказилди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Саховат ва кўмак» жамғармаси негизида ташкил этилган Call-марказ хизмати орқали Шофиркон туманида ҳам уй шароитида даволанаётган 48 та оилага 5 турдаги жами 375 қути дори-дармон етказиб берилди.

Шунингдек, Когон шаҳридаги биринчи сектор ҳудудидан 13 та, иккинчи сектордан 10 та, учинчи сектордан 3 та ва тўртинчи сектордан 2 та оилага «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида махсус дори-дармон тўплами элтиб берилди.

Маълумот учун, вилоят миқёсида касалликка чалинган беморлар учун бир кеча-кундузда 3 минг қути дори-дармон аҳолига етказиб берилди.

Аввалроқ Бухорода 50 мингта эҳтиёжманд оила аъзосига 200 минг сўмдан жами 10 миллиард сўм тарқатилгани ҳақида хабар берилган эди. Сирдарёда «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан беш миллиард сўм ёрдам пули эҳтиёжманд аҳолига тарқатилган эди. Самарқандда эса эҳтиёжманд оилаларга 12 миллиард сўм ёрдам пули берилган.

Янгиликлар