Оренбург ва Самара вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун 2 та поезд қатнови ташкил этилди
Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келиш учун 2—16 август кунлари амалга оширилиши белгиланган чартер рейсларнинг парвоз йўналишига қисман ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 7 август куни Тошкент—Ростов Дон—Наманган;
8 август Тошкент—Санкт—Петербург—Наманган;
9 августга белгиланган Тошкент—Москва—Наманган авиақатновлари амалга оширилади.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Россиянинг Оренбург ва Самара вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун 2 та поезд қатнови ташкил этилди.
Хабарда айтилишича, мазкур поездларнинг биринчиси 9 август куни Наманган шаҳрига, иккинчиси эса 9 август куни Самарқанд шаҳрига кириб боради. Поездларда олиб келинган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда карантинга жойлаштирилади.
Россиянинг Ростов Дон вилоятидаги фуқароларни олиб келиш мақсадида учинчи поезд қатнови ҳам ташкил этилгани маълум қилинди. Ушбу поезд 13 август куни Тошкент шаҳрига кириб келади.
Аввалроқ Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.