Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан ҳам кейинга қолдирилиши мумкин

Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан ҳам кейинга қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди.

«Агар карантин 15 август ёки 30 августда бекор қилинса, тест синовлари 2 сентябрда бошланади. Биз 2 сентябргача пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашидан умидвормиз. Агар карантин узайтирилса, албатта, тест қолдирилади. Чунки биринчи навбатда абитуриентлар саломатлиги туради», — дейди Мажид Каримов.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ОТМларида тест олинадиган йўналишланинг ижодий имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин. Ундан ташқари, Ўзбекистон ОТМларида биринчи курслар учун ўқиш 1 октябрдан бошланиши мумкинлиги, 2020 йилги тўлов-контракт миқдорида ўзгариш бўлмаслиги маълум қилинди.

Янгиликлар