Самарқандда коронавирусга чалинган беморлар учун 1080 ўринли шифохона фойдаланишга топширилди (видео)

Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари тайёрлаш марказида COVID-19 билан касалланган беморлар учун 1080 ўринга мўжалланган вақтинчалик шифохона тайёр ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Келадиган беморлар ташкил этилган комплекснинг кириш қисмида дастлаб текширув анализидан ўтказилади. Шунингдек, бу ерда рентген, УЗИ текширув хоналари ҳам ташкил қилинган. Ушбу аппаратлар нафақат амбулатор беморларга, балки стационар беморларнинг ёнига бориб хизмат кўрсатиш қулайлигига ҳам эга», — дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Aҳмаджон Бабажанов.

Таъкидланишича, ушбу госпиталда 100 га яқин тиббиёт муассасаси ходимлари хизмат қилади. Хусусан, 40 га яқин врач, ҳамширалар, кичик тиббий ходимлар ушбу марказга жалб қилинган.

Аввалроқ Андижонда коронавирусга чалинган беморлар учун 700 ўриндан иборат шифохона тайёр ҳолатга келтирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Намангандаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилгани, Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида 400 ўринли тақсимот пункти иш бошлагани ва Бухорода таълим муассасалари ётоқхоналарида COVID-19 беморлари учун 2050 та захира ўрни тайёрланган эди.

Янгиликлар