TikTok AҚШдаги 100 млн фойдаланувчисини Оқ уйдан ўз ҳуқуқларини талаб қилишга чақирди
AҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат фуқароларига TikTok қисқа видео-сервисига эгалик қилувчи Хитойнинг «ByteDance» компанияси билан битимлар тузишни тақиқловчи фармонни имзолади. ТикТок маъмурияти баёнотида айтилишича, Вашингтон қонун устуворлигига риоя қилаётган глобал бизнесга бўлган ишончни йўқ қилиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Таъкидланишича, Трампнинг фармони сўз эркинлиги, маркетингда «очиқ бозор» тушунчасига нисбатан хавфли прецедент ҳисобланади. TikTok ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини ҳеч қачон Хитой ҳукумати билан баҳам кўрмаганлигини ва Пекин сўровига биноан фойдаланувчилар имкониятини цензура қилмаганлигини яна бир бор таъкидлаган. Компания ўзини ҳимоя қилиш учун AҚШ суд тизимининг барча имкониятларидан фойдаланмоқчи.
Шу билан бирга, компания раҳбарияти Қўшма Штатлардаги 100 миллион фойдаланувчисига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат билан чиққан.
«TikTok фойдаланувчилари, ижодкорлари, ҳамкорлари ва оила аъзолари, Оқ уйга ўз фикрингизни билдириш ҳуқуқига эгасиз. Эшитилишга ҳаққингиз бор», — дейилади ТикТок баёнотида.
Aввалроқ Доналд Трамп бутун TikTok бизнесини сотиб олиш бўйича таклиф билан чиққанди. «ByteDance» бу ҳақида изоҳ беришдан бош тортиб, компания TikTok’нинг узоқ муддатли муваффақиятига ишонишини айтганди.