Булунғурда давлат боғчалари ҳамшираларига амалий семинар ўтказилди
Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 8-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти (ИМТТ)да 7 сентябр, душанба куни Республика махсус комиссиясининг «COVID-19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қайта ташкил этиш тўғрисида»ги йўриқномаси асосида давлат боғчалари хамшираларига амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Семинарда Булунғур мактабгача таълим бўлими (МТБ) мудири У.Гўбаева, туман СЭО маркази бошлиғи А.Умматов, МТТларнинг мудиралари ва ҳамширалари иштирок этган.
Семинарда боғча биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион тўшаклар билан жиҳозлаш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши, тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талабларини туман марказий поликлиника ходими Д.Иштаева ва 8-сонли ИМТТ хамшираси М.Қаршибоева томонидан кўргазмали усулларда кўрсатиб берилди.
Маълумот учун, тумандаги барча давлат боғчалари туман мактабгача таълим бўлими томонидан жами 13 турдаги контактсиз пирометрлар, антисептик воситалар билан таъминланди.
Аввалроқ Бухорода давлат боғчалари 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши, Поп туманида боғчалар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилиши хабар қилинган эди.