Бухорода давлат боғчалари 14 сентябрдан босқичма-босқич очилади

Бухоро вилоятида давлат мактабгача таълим муассасалари 14 сентябр, душанба кунидан босқичма-босқич очилади. Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, вилоятда бугунги кунга келиб 1048 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Ундан 410 таси давлат, 51 таси давлат хусусий шерикчилиги асосида, 26 таси хусусий, 561 таси эса оилавий шаклдаги МТТларни ташкил қилади.

Бухорода давлат-хусусий шерикчилигидаги, хусусий ҳамда оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотлари 7 сентябрдан фаолиятини бошлади.

Маълумот учун, давлат МТТлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида фаолияти тикланмоқда. Бухоро вилоятида эса 14 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич давлат мактабгача таълим ташкилотларини (ундаги 5, 6, 7 ёш тоифасидаги болалар тарбияланаётган гуруҳлар) очилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилган.

Аввалроқ Самарқандда 2 та янги мактаб фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар